Замонавий агрокомплекс фаолияти илғор биржа механизмлари асосида ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ҳузурида “Agro Exchange” МЧЖ ташкил этилган. Унинг асосий вазифалари:
аҳоли томорқаларида, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга кўмаклашувчи “Uzex Agro” электрон савдо платформасининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш;
платформани техник қўллаб-қувватлаш ва кўрсатиладиган хизматларни бозор тамойилига асосланган ҳолда доимий такомиллаштириб бориш;
ҳудудлардаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўш турган ер майдонларини ўзлаштириш орқали замонавий агрокомплексларни ташкил қилиш;
агрокомплекслар атрофида жозибадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Ҳукуматнинг мазкур қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ 2024 йил 15 октябрга қадар платформа ишга туширилишини таъминлайди. Бунда қуйидагилар:
платформада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан маҳсулотни сотиб олувчи ва кафолатли етказиб берувчи, хатарларни суғурталовчи, шунингдек, экспорт қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро онлайн шартномаларни тузиш ҳамда жараёнлар иштирокчилари фаолиятини қўллаб-қувватловчи комплекс механизмларни акс эттириш;
платформани ишлаб чиқиш ва унинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш инобатга олинади.
Платформа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг “Online mahalla” электрон платформаси билан интеграция қилинади;
давлат буюртмачилари ва уларга аутсорсинг асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини платформа орқали харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади;
аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича амалга оширилган савдолар натижаларига кўра ўртача нархлар шакллантирилади ва ҳар куни платформада эълон қилинади. Давлат буюртмачилари харидларни амалга оширишда ушбу ўртача нархлардан фойдаланади;
2025 йил 1 январга қадар аҳолидан, деҳқон ва фермер хўжаликларидан платформа орқали маҳсулот сотганлиги учун воситачилик ҳақи ундирилмайди.
Қарор билан “Uzex Agro” электрон савдо платформасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
ЎзА