Абу-Даби шаҳридаги “Rixos Marina” меҳмонхонасида жорий йилнинг 1 октябрь куни мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.
Ўзбекистоннинг БАА даги элчихонаси, Дубайдаги Бош консулхона ҳамда фаол ватандошлар ҳамкорлигида ташкил этилган байрам тадбирида Амирликлар томонидан Адлия вазири Абдулла бин Султан бин Авад Ал Нуайми расмий меҳмон сифатида қатнашди. Ўзбек халқини мустақиллик байрами билан табриклади.
Шунингдек, тадбирда БААда жойлашган дипломатик ваколатхоналар, жумладан, 61 нафар хорижий элчилар, халқаро ташкилотлар, Амирликлар вазирлик ва идоралари, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ҳамда амирликларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз иштирок этди.
Байрам тадбири Ўзбекистон ва БАА давлатлари мадҳиялари садоси остида бошланди. Ўзбекистоннинг БААдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Аққулов мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги етти йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, мамлакатимизнинг барча соҳаларда босиб ўтаётган тараққиёт йўлини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик йилдан йилга ривожланаётганини қайд этди. Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири, Дубай Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактумнинг яқинда Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи ҳам кенг қамровли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққанини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилган концерт дастури ўзгача шукуҳ бағишлади.
Меҳмонхона мониторларида намойиш этилган мамлакатимиз туризм салоҳиятини акс эттирувчи видеороликлар, миллий қадриятларимиз акс этган тақдимот материаллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини кўргазмаси йиғилганларга катта таассурот қолдирди. Ўзбек миллий таомлари эса меҳмонларга жуда манзур бўлди.
ЎзА