2024 йил 4 январда “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган.
Мазкур фармон билан бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентларни SMS орқали хабардор қилиб бориш кўзда тутилган. Дейлик, ушбу электрон хабар юборилгандан кейин ҳам фуқаролар тўловни амалга оширмаса, уларнинг электр учун тўловларини қабул қилиш вақтинчалик чекланади.
Хўш, бу чеклов қай тартибда амалга оширилади?
Ушбу саволга “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев қуйидагича жавоб берди:
–Ушбу амалиётга кўра, қарздорлик бўйича огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган шахсларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш уч босқичда амалга оширилади. 1-босқичда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2024 йил 1 июндан 6 ойлик қарздорлик учун қўлланилади. 2-босқичда республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан 3 ойлик қарздорлик учун ва 3-босқичда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан 1 ойлик қарздорлик учун қўллаш кўзда тутилган.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда аҳоли чиқинди пулини тўламагани учун электр энергиясини ўчириб қўйишни бошлади” мазмунидаги хабарлар ҳам тарқалди.
Ушбу хабарларни қуйидагича изоҳлаймиз. Президентимизнинг юқорида таъкидланган фармони ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали мазкур огоҳлантириш хабарларини юбориш амалиёти йўлга қўйилди.
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосида фуқароларга SMS хабарлар юбормоқда.
Айни пайтда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан чиқинди бўйича огоҳлантириш хабари юборилганда ҳам қарздорлик бартараф этмаган истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларда чекловлар киритиш юзасидан техник ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу амалиётга асосан чиқиндидан қарзи бор фуқаролар юборилган хабарлардан кейин ҳам тўловни амалга оширмаса, электр тўлови учун вақтинчалик чеклов жорий қилинади. Бунда фуқаролар электр таъминотидан ажратилмайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА