Тўрткўл туманидаги “МAКС-МAРМAРA” масъулияти чекланган жамият раҳбари адлия бўлимига мурожаат қилиб, “Тўрткўл тумани йўллардан фойдаланиш” унитар корхонасидан 59 миллион 497 минг 517 сўм миқдоридаги пул маблағини ундириб беришда амалий ёрдам сўраган.
– Мазкур мурожаатни ўрганиш натижасида масъулияти чекланган жамият ҳамда унитар корхона ўртасида ҳақиқатдан ҳам маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилганлиги, ушбу шартноманинг 4.1.-бандига асосан маҳсулот етказиб берувчи шартномада кўрсатилган маҳсулотни “харидорга” тўлиқ етказиб бериш, шунингдек, шартноманинг 5.2.-бандига асосан “харидор” шартнома имзоланиб бўлгандан кейин 3 (уч) кунлик муддат ичида 100 фоиз пулини ўтказиб бериб, тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шартлиги белгилаб қўйилганлиги аниқланди, – дейди туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Н.Абдурахманова. – Аммо “харидор” томонидан ўрганиш кунига майдаланган тош (шебен) маҳсулоти учун етказиб берувчига 59 миллион 497 минг 517 сўм миқдоридаги пул маблағи тўланмасдан келинаётганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасига кўра, туман адлия бўлими томонидан “Тўрткўл тумани йўллардан фойдаланиш” унитар корхонадан “МAКС-МAРМAРA” масъулияти чекланган жамият фойдасига қарздорликни ундириш мақсадида, Беруний туманлараро Иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Натижада тадбиркорга тўланмасдан келинаётган пулларни тўлаш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиб тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.