Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Талабаликка бағишлов” деб номланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унда филиал раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар қатнашди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бериб, ёшларга сифатли таълим бериш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 2024-2025 ўқув йилида 1-курсга қабул қилинган талаба-ёшларни самимий қутлаб, уларга келгусида зафарлар тилади.
Шунингдек, Президентимизнинг эзгу ташаббуси билан қорақалпоғистонлик ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, жорий йилда ҳам республика шаҳар ва туманлари учун зарур бўлган мутахассисликлар сонидан ва кадрларнинг ички заруриятидан келиб чиқиб, 10 минг қўшимча квота ажратилганлиги қайд этилди. Ушбу квота асосида филиалга 14 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.
Тадбирда жорий йилда қабул қилинган талаба-ёшларга филиалнинг рамзий калити ҳамда гувоҳнома топширилди. Юқори балл асосида талабаликка тавсия этилган ёшлар рамзий рейтинг дафтарчасини қабул қилиб олишди.
Тантанали маросимдан сўнг концерт дастури намойиш этилди. Унда Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими таниқли қўшиқчилари, филиалнинг иқтидорли талаба-ёшларидан ташкил топган жамоа аъзолари ижросидаги ажойиб куй-қўшиқлар ва жозибали рақслар, талабалик даврни акс эттирувчи қизиқарли чиқишлар йиғилганларга хушкайфият тақдим этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.