Қозоғистонда атом электр станциялари масаласида референдум ўтган, деб тан олинди. 6 октябрь, якшанба куни давлат матбуоти хабар беришича, соат 14:00 ҳолатига кўра, сайловчиларнинг дастлабки иштироки 51,77 фоизни кўрсатди.
Референдумда жами 6 339 425 киши овоз берган. Бу сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 50 фоиздан ортиғини ташкил этади. “Республика референдуми тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Конституциявий қонунининг 31-моддаси 2-бандига мувофиқ, бундай ҳолатда тадбир ўтган ҳисобланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Сабила Мустафина баёнот берган.
Овоз бериш учун асосий савол сифатида “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” жумласи қўйилган, жавоб варианти икки хил эди – “Ҳа, розиман” ва “Йўқ, рози эмасман”. Aхборотномалар қозоқ ва рус тилларида чоп этилди.
Умуман, қонунга кўра, овоз беришда 12 244 683 фуқаро қатнашиши мумкин.
Референдумда 30 хорижий давлат, 4 халқаро ташкилотдан 177 кузатувчи, шунингдек 37 давлатдан 200 нафар хорижий журналист аккредитациядан ўтди.
Барча сайлов участкаларида овоз қабул қилиш бир вақт – 20.00да якунланди. Натижа 7 кун ичида эълон қилинади.