Тўрткўл туманида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқ артисти, давлат мукофоти соҳиби, моҳир созанда ва хонанда Отажон Худойшукуровнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан “Она диёр куйчиси” республика кўрик-танлови ва маданий тадбирлар бўлиб ўтди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари томонидан туман маданият саройи олдидаги Отажон Худойшукуров бюсти пойига гулчамбарлар қўйилди.

О.Худойшукуров ёқимли овози, бетакрор истеъдоди билан нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда машҳур бўлди. У миллий маданиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган, уни дунё халқларига танитишда фаоллик кўрсатган санъатимизнинг йирик намоёндаларидан бири эди.

Тадбир иштирокчилари, туман фаоллари ва бир гуруҳ нуронийлар Маданият саройда ташкил қилинган моҳир созанда ва хонанда номидаги музейга ва уй музейига ташриф буюриб, санъаткорнинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай бебаҳо ижод намунаси қанча даврлар, замонлар ўтмасин, ўз ихлосмандларини топиб, ўзида ўша давр руҳини мужассам этиш билан бирга, инсонларни яхшиликка, эзгу ишларга бошлайди. Отажон Худойшукуров ҳам ўзидан мана шундай ўлмас ижодий мерос қолдирган инсонлардан биридир. Миллий маданиятимизни юксак чўққиларга олиб чиққан машҳур хонанданинг ижоди ҳали узоқ йилларгача халқимиз қалбида яшаб, санъатимизнинг бебаҳо дурдонаси сифатида қадр топаверади.

Шу куни моҳир созанда ва хонанданинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан “Устозни эслаб” мавзусида концерт дастури ташкил этилди. Унда таниқли хонандалар ва санъаткорлар устоз ижодидан куй-қўшиқлар ижро этди.

“Она диёр куйчиси” республика кўрик-танловининг саралаш босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ташриф буюрган 17 ёшдан 40 ёшгача бўлган 35 нафар ёш ижрочи хонанда иштирок этди. Танловнинг биринчи босқичи устоз санъаткор ижросидаги “Феруз” туркумидаги лирик ашулаларга ўхшаш қўшиқлардан бирини, иккинчи босқич Отажон Худойшукуров томонидан яратилган ашулалардан бир қўшиқ ижро қилиниши билан ўтказилди.

Кўрик-танлов якунида Хоразм вилоятидан ташриф буюрган иштирокчи Сирожиддин Омонов фахрли биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Тўрткўл туманидан Эркин Мадраҳимов ҳамда Самарқанд вилоятидан Мурод Нуриев иккинчи, Тўрткўл туманидан Aлишер Каримбоев ҳамда Навоий вилоятидан Улуғбек Саидов учинчи ўринларни эгаллади.

Шунингдек, “Энг яхши сувора ижрочиси” номинацияси бўйича Тоҳир Aтаджанов, “Энг яхши овоз соҳиби” номинацияси бўйича Сирожиддин Юлдашев, “Энг яхши ёш ижрочи” номинацияси бўйича Бўрибек Баҳрамов ва “Энг яхши ўхшаш овоз соҳиби” номинацияси бўйича Ихтиёр Aллаяров тақдирланди.

Кўрик-танлови ғолиблари ҳамда фаол иштирокчиларга пул мукофоти ҳамда махсус совғалар топширилди. Шунингдек, тадбир ташкилотчиларидан бир гуруҳи  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига мувофиқ “Ардоқли нуроний”  ҳамда “Ватан фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

“Она диёр куйчиси” республика кўрик-танлови ва унинг доирасида ўтказилган маданий тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА.