Ўзбекистон Республикаси Президенти “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади
Мамлакатимизда инсон ресурсларини ривожлантириш орқали ички ва ташқи меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, камбағалликни қисқартириш учун бандликнинг прогрессив шаклларини татбиқ этиш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда халқаро стандартлар асосида муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарорга мувофиқ қуйидагилар назарда тутилган.
Биринчидан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик) бевосита маҳаллаларда ишлаш тизими жорий этилмоқда. Хусусан:
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтказилмоқда ҳамда вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида “лойиҳавий ёндашув” тамойили асосида иш ташкил этилиб ходимлар аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита ишловчи лойиҳа гуруҳларига (фронт офис) ва бўлинма умумий фаолиятини таҳлил қилувчи гуруҳларга (бэк офис) бўлинади.
Вазирликнинг туман бўлимлари, туман ҳокимлиги ҳамда МФЙ ўртасида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича уч томонлама “маҳалла шартнома”лари тузилади. Бунда, ушбу шартномада Вазирлик туман бўлими ва ҳокимият – инфратузилмани яхшилаш, аҳолининг даромад манбаини оширишга шароит яратишга, маҳалла раиси – аҳолини ишга жалб қилиш, ҳудудини ободонлаштириш, жиноятчиликни камайтириш каби вазифаларга масъул бўлади.
Лойиҳавий ёндашув асосида ишлар қуйидагича ташкил этилади:
оғир аҳволдаги 1000 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш (электр энергияси, интернет, сув таъминоти) учун маблағлар Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида ажратилади;
Вазирлик ҳузурида юқори натижага эришган 50 нафар ҳоким ёрдамчиларидан иборат “лойиҳа менежерлари” гуруҳи ташкил этилади ҳамда ҳоким ёрдамчиси кўрсаткичи паст туманга бириктирилади ва улар ўз тажрибасини шу маҳаллаларда жорий этади;
100 та энг намунавий микролойиҳалар каталоги яратилади ҳамда ҳоким ёрдамчилари орқали барча ҳудудларда оммалаштирилади;
2025 йилда 167 та туманнинг жами 6680 гектар майдонида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади;
2026 йилда ҳар бир вилоятда камида 2 тадан кўп қаватли комплекс саноат марказларини барпо этиш ва тадбиркорларни жойлаштириш лойиҳалари амалга оширилади;
саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йилда 1000 та, 2026 йилда 2000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади;
ҳар йили камида 500 та ҳунармандчилик ва касаначилик лойиҳалари маҳалланинг ўзида жорий этилади;
2025 йилда 2000 та маҳаллада, 2026 йилда қолган 2122 та маҳаллада салоҳиятли тадбиркорлар, экспортёрлар ва брокерлар билан ҳамкорликда етакчи тадбиркорларнинг фаолияти йўлга қўйилади (ҳозирда 5323 та маҳаллада мавжуд);
ихтисослашган маҳаллалар сони ҳар йили 10 фоизга ошириб борилади;
ҳар йили 50 минг нафар ўзини ўзи банд қилган фуқароларни босқичма-босқич кичик бизнес субъектларига айлантириш чоралари кўрилади.
Иккинчидан, бандликни ошириш ва касбга тайёрлашда замонавий усуллар татбиқ қилинади.
Иш берувчиларнинг эҳтиёжини ўрганиш асосида ишсизларни касбларга мақсадли ўқитишни инобатга олган ҳолда касбий кўникмалар марказлари ташкил этилади. Бунда:
марказларда иш берувчилар талабига мослаштирилган экспресс-курслар ташкил этилади ҳамда амалий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш тизими яратилади;
марказларда халқаро тан олинган дастурлар жорий қилинади ва хорижда тан олинадиган сертификатлар берилиши йўлга қўйилади;
ўқитиш жараёнига хусусий сектор кенг жалб қилинади ҳамда ишсизларни касб ва хорижий тилга давлат буюртмаси асосида ўқитиш ташкил этилади. Бунда:
Вазирлик талаб юқори бўлган касб ва хорижий тиллар ҳамда ўқитганлик учун тўланадиган давлат гранти миқдорини белгилайди;
ишсизларга касб ва хорижий тилга ўқитадиган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади;
фуқаро танлаган таълим ташкилотига грант маблағларининг 50 фоизи ўқиш бошланишидан олдин, қолган қисми якуний имтиҳон муваффақиятли топширилгач тўлаб берилади;
касбий кўникмалар марказлари бинолари ўқув курслари ташкил қилиш учун хусусий секторга текин фойдаланишга ёки узоқ муддатли ижарага берилади;
Вакансиялар платформаси модернизация қилиниб, иш берувчилар ва иш изловчиларнинг “шахсий профили” яратилади ҳамда йиллик 500 минг нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланишига эришилади;
фуқароларга ишга жойлашиш йўлланмасини экстерриториал тартибда исталган бандлик органлари орқали олишга рухсат берилади;
хусусий рекрутинг ва HR компаниялар билан ҳамкорлик қилиш ва улар таклиф қилаётган бўш иш ўринларига фуқароларни жойлаштириш чоралари кўрилади.
Юқорида келтирилган чора-тадбирларни жорий қилиш натижасида:
2024 йил якунига қадар 500 минг, 2025 йилда 1 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилади.
Бунда, камбағал аҳолининг 410 минг нафари доимий иш билан таъминланади, 170 минг нафари касбга ўқитилади ва 430 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинади.
2025 йил якунига қадар аҳолининг камбағаллик даражаси 6 фоизгача қисқартирилади.
Жойларда ишни “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилиш ҳамда тизимни тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига норасмий бандлик улуши ҳар йили 1 миллион нафарга камайтирилади.
Ишсизларни манзилли аниқлаш, уларни юқори даромадли касбларга тайёрлаш ва ишга жойлаштиришнинг яхлит тизими яратилади.
ЎзА