Франция Президенти Эммануэль Макрон Исроилга Ғазо секторидаги уруш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол-яроқ етказиб беришни тўхтатишга чақирди ва ҳарбий можаронинг “сиёсий ечими” тарафдори эканини таъкидлади. Бу ҳақда «Euro News» хабар қилди.

– Менимча, бугунги кундаги устувор вазифа Ғазодаги жанг учун қурол етказиб беришни тўхтатиб, сиёсий ечимга қайтиш, – деди Макрон «France Inter» радиоси орқали. У Франция ҳозир яҳудий давлатига ҳеч қандай қурол етказиб бермаётганини ҳам қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Франция етакчисининг интервьюси сешанба куни тушдан кейин, Эроннинг яҳудий давлатига зарба беришидан олдин ёзиб олинган. «Etcetera» томонидан эфирга узатилган махсус эшиттириш Франкофония саммитига бағишланган бўлса-да, иштирокчилар халқаро кун тартибидаги бошқа долзарб мавзуларга ҳам мурожаат қилишган.

Макрон, шунингдек, сулҳ битимига эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракат фаол давом этаётганига қарамай, Ғазода айтарли натижа йўқлигидан афсусда эканини билдирди.

– Фикримча, бизни  эшитишмаяпти, – деган у давлат радиоси орқали. – Мен бу ҳақда Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга яна бир бор айтдим. Бу хато, жумладан Исроил хавфсизлиги учун ҳам.