Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти Тамара Дошумованинг 70 йиллик юбилейига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Т.Романов сўзга чиқиб, хонанданинг юртимиз маданияти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Т.Дошумова меҳнат фаолияти давомида давлат концертлари, Доғистон, Татаристон, Бошқирдистон, Озарбайжон, Тожикистон Республикалари ва Россия Федерациясида бир неча бор ўтказилган Қорақалпоқ маданияти ва адабиёти кунларининг фаол иштирокчиси бўлди. У ўзининг алоҳида истеъдоди, кенг диапазонли овози, бетакрор ижро маҳорати, тинимсиз меҳнати туфайли халқимиз орасида алоҳида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган, эл-юрт ардоғидаги санъаткорга айланди.

У қўшиқлари орқали “Орол булбули”, “Қорақалпоқ булбули”, “Қўшиқчилар сардори”, “Афсонавий қўшиқчи” каби юксак эътирофга сазовор бўлди. Унинг маданиятимиз ва санъатимиз ривожига қўшган ҳиссаси муносиб баҳоланиб, 1974 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, сўнгра, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти фахрий унвонлари, 1984 йилда Бердақ номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистон санъат усталари томонидан Тамара Дошумова репертуаридаги қўшиқлардан ташкил топган концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.