Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий Кенгашларга депутатликка кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда партия Марказий Кенгаши вакиллари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, нуроний отахон ва онахонлар, ҳунарманд ва спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остидаги учрашувнинг аҳамиятига тўхталди. Маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, келажак авлодларга бешикаст етказиш, халқимизнинг миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар, кўп асрлик тарихини чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ҳар бир ватандошимиз онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифалари ҳисобланади.

Партиянинг бош мақсади – Қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуришдир. Етти йўналишдан иборат 2025 – 2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурнинг асосий мақсади – “Қадриятларга таянган тараққиёт”дир.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасидан Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар ҳам сўзга чиқиб, ўз сайлов ҳудуди шарт-шароити ва аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб тайёрлаган Сайловолди дастури билан таништирди.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатни ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши орқали одамларни рози қилишдир.

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, тарбия ва таълим ўзаро мутаносиб, бир-бирини тўлдирувчи жараён, уларни ажратиб бўлмаслиги, бу икки жараённи ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этиш одобли, юксак маънавиятли, шу билан бирга, билимдон, руҳан ва жисмонан соғлом, ахлоқий фазилатларга, кенг дунёқараш ва тафаккурга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлган ватанпарварларни тарбиялаш ва вояга етказишнинг асоси ҳисобланади.

Номзодларнинг келажакда депутат сифатида ўз вазифаларини сидқи дилдан бажаришга ҳамда барча саъй-ҳаракатларини мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишга қаратиш, асл мақсади – халқимизнинг орзу-умид ва интилишларини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда бу йўлда елкама-елка ҳаракат қилишига ишонч билдирдилар ва барчани 27 октябрда ўтадиган сайловларда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодларига овоз беришга чақирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.