26 сентябрь куни “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

— кичик ва ўрта гуруҳлардаги болаларда когнитив, психомотор ва ижтимоий кўникмаларни ривожлантириш;

— катта ва мактабга тайёрлов гуруҳларидаги болаларда билим олиш, коммуникатив ва ижодий компетенцияларни шакллантиришга қаратилган ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш.

2026/2027 ўқув йилидан:

— боғчалар томонидан Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида боланинг ривожланиш харитасини юритиш амалиёти жорий қилинади;

— мактабга тайёрлов гуруҳларини тамомлаган болаларга уларнинг ривожланиш харитаси асосида бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик ҳақида электрон сертификат бериш йўлга қўйилади.

2025 йил 1 августгача:

— мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури доирасида ишлаб чиқилган электрон ресурслар, аудиовизуал маҳсулотлар ва ўқув-методик материаллар Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида жойлаштирилади ҳамда улардан эркин ва бепул фойдаланиш имконияти яратилади;

— Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида ота-оналар учун шахсий кабинет яратилади ва унда боланинг ривожланиш харитаси маълумотларининг жойлаштирилиши таъминланади.

ЎзА