Мамлакатимизда давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бунда Президентимиз томонидан шу йил 5 сентябрда имзоланган “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри, Сирдарё вилояти ҳамда 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида давлат тиббий суғуртаси механизмларини амалиётга татбиқ этиш белгиланган.

Бунинг доирасида тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилинадиган “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилиб, ишга туширилади. Бинобарин, шу йил якунига қадар беморнинг барча тиббий маълумотлари асосида шакллантирилган ва тиббиёт муассасаларининг ўзаро узвий ҳамкорлигини таъминлайдиган “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари йўлга қўйилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари қарорида белгиланган ана шу йўналишдаги устувор вазифалар ижроси танқидий таҳлил қилинди. Бу ҳақда вазирлик матубот хизмати хабар берди.

“Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси директори Элдор Одилов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Олим Омонов ва Фаррух Шарипов бошчилигида ўтган тадбирда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари, техник ходимлар ҳамда “UZINFOCOM” МЧЖ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, рақамли технологияларни бирламчи бўғингача босқичма-босқич жорий этиш учун, биринчи навбатда, ушбу муассасаларни локал тармоқ ва компьютер технологиялари, дастурий маҳсулотлар ва зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш талаб этилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад – тиббиёт ходимларига ортиқча қийинчилик туғдирмаслик. Уларнинг тайёр тизимдан осон ва қулай фойдаланишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш лозим.

Йиғилишда Президентимиз қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги давлат тиббиёт муассасаларини ахборот-коммуникация жиҳозлари ва тармоқ қурилмалари билан таъминлаш ҳолати таҳлил қилиниб, бу борада Сирдарё вилоятида вазифалар ижроси суст кетаётгани танқид остига олинди. Ўз навбатида, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ҳамда шифохоналар фаолиятининг барча жараёнларини қамраб олувчи, шунингдек, давлат стационар тиббиёт муассасалари томонидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган фуқаролар шахсини аниқлаш имконини берувчи ахборот дастурларини яратишга доир ишлар муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

М.Қосимова, ЎзА