Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги муқаддам қадамжолардан бири – Ишанқалъа (Эшонқалъа) ҳозирги Кегейли тумани ҳудудидаги Халқобод шаҳрининг жанубий-шарқидан бир километрлик масофада жойлашган.

Маълумки, ХVIII аср бошларида Қорақалпоғистон ҳудудида диний қарашлар анча кучайган ва шу вақтларда кўпгина мадраса, масжид, диний таълимот берувчи кичик-кичик қалъалар қурилган. Ишанқалъа – улардан бири.

Тарихчи олимларнинг билдиришича, Ишанқалъа қўрғони XVIII асрнинг II ярмидан бошлаб бунёд этила бошлаган. Масканда мадраса, масжид, кутубхона, талабалар ётоқхонаси, карвонсарой жой олган. Қалъага шу вақтда саводли ва диний билимга эга одамлар кўп йиғилган. Мадрасага ўқиш учун кўплаб талабалар келган.

Ишанқалъадаги масжид-мадраса ҳозирда ҳам сақланиб қолган. Қалъа асосан диний таълим бериш мақсадида қурилгани боис, унинг деворлари жуда ҳам баланд эмас. Қалъанинг ичидаги уйлар бир қаватли ва баъзилари икки қаватли бўлган. Асосий деворлари қурилганидан сўнг, қалъанинг ташқарисига ҳам уйлар барпо этилган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА