Хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга қаратилган тадбирлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси 2024 йилда 604 миллион АҚШ долларлик 34 та лойиҳадан иборат хорижий инвестиция ва кредитнинг ўзлаштирилишига масъул этиб белгиланган.
Тўрткўл туманидаги Ўнгқирғоқ каналида 2 мВт қувватли гидроэлектростанция қуриш лойиҳаси билан чиққан “Voris China” масъулияти чекланган жамият томонидан ер ажратилиши билан боғлиқ муаммоси маҳаллий ҳокимият ва божхона органлари саъй-ҳаракатлари билан ижобий ҳал этилди. Канал атрофидан ажратиб берилган 1,4 гектар ер майдонида янги гидроэлектростанция қурилиш ишлари бошланиш арафасида.
Тумандаги шиша идишлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхона бугун нафақат ички бозорда, балки жаҳон мамлакатларида ҳам ўзининг доимий харидорига эга. 20 тадан зиёд турдаги шиша идиш ишлаб чиқараётган корхонада бугун 150 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.
Корхона маҳсулотларини экспортга йўналтиришда божхона соҳасида яратилган имтиёз ва қулайликлардан ҳам самарали фойдаланмоқда. Суткасига 32 тонна шиша идиш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мазкур корхонада “Тўрткўл” божхона пункти ходимлари томонидан соҳадаги ўзгариш ва янгиланишлар бўйича тарғибот ишлари амалга оширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.