Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг ғарбий минтақасида иккинчи тур учрашувлари якунланди. Ўзбек футбол ихлосмандлари учун ушбу турдаги энг қизиқарли ва ҳаяжонга солган учрашув “D” гуруҳидан ўрин олган “Насаф” – “Шабаб Ал-Аҳли” учрашуви бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилган ушбу жамоалар баҳси биз учун ҳаяжонли ўтди. Учрашувнинг 19-дақиқасида “Шабаб Ал-Аҳли” аъзоси Лима ҳисобни очди. Бироқ, “Насаф” бу ҳолатдан чиқиб кетишни уддалади. 83- ва 90+2 дақиқаларда Зоран Марушич гол уриб, “Насаф” ғалабасини таъминлади.
Зораннинг ушбу учрашувдаги ҳаракати «Sofa Score» портали томонидан юқори баҳоланди ва ўйинда энг кўп балл тўплаган ўйинчига айланди. Ушбу баҳс давомида “Насаф” рақиб дарвозаси томон 19 марта зарба беришни уддалади, меҳмон жамоада эса бу кўрсаткич 10 тани ташкил қилди. Аниқ зарбалар сони ҳам Қарши шаҳри жамоаси томонида бўлди – 7/3.
Шунингдек, ушбу гуруҳдан ўрин олган “Ал Ҳусайн” ва “Кувайт СК” жамоаси ўртасидаги ўйин ҳам 2:1 ҳисобида якунланди.
Шу тариқа, “Насаф” “D” гуруҳида 4 очко билан пешқадамга айланиб олди. “Шабаб Ал-Аҳли” ва “Ал-Ҳусайн” эса 3 очко билан 2-3 ўринга жойлашган бўлса, “Кувайт СК” икки ўйиндаги мағлубият эвазига сўнгги поғонадан жой олди.
Энди 23 октябрь куни ушбу гуруҳда учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда “Насаф” – “Ал-Ҳусайн”, “Шабаб Ал-Аҳли” – “Кувайт СК” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Мусобақанинг “А” гуруҳидан жой олган “Трактор” ва “Моҳун Баган” жамоалари баҳси номаълум сабабга кўра ўтказилмади. “Равшан” ва “Ал-Вакра” учрашувида эса 0:1 ҳисоби қайд этилди. Мазкур натижалардан сўнг “Трактор” клуби 3 очко билан гуруҳда биринчи бўлиб турибди. Бир мағлубият ва ғалаба қайд этган “Ал-Вакра” жамоасида ҳам 3 очко бор. “Моҳун Баган” ва “Равшан” ҳамон очкосиз қолмоқда.
Энди учинчи турда “Трактор” – “Равшан”, “Моҳун Баган” – “Ал-Вакра” жамоалари учрашувига гувоҳ бўламиз.
“B” гуруҳида “Ал-Тавун” ўз майдонида “Ал Қува Ал-Жавия”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. “Алтин Аср” ва “Ал-Халдия” клублари ўртасидаги ўйин 0:1 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, “Ал Қува Ал-Жавия” кетма-кет икки турда зафар қучиб, очколарини 6 тага етказиб олган бўлса, “Ал-Тавун” ҳамда “Ал-Халдия” 3 очкодан жамғариб, кейинги ўринларда бормоқда. “Алтин Аср” гуруҳ аутсайдери бўлиб турибди.
3-турда “Ал-Тавун” – “Алтин Аср”, “Ал Қува Ал-Жавия” – “Ал-Халдия” жамоалари беллашуви ўтказилади.
“С” гуруҳида “Сепаҳон” иккинчи тур учрашувида “Истиқлол” жамоаси дарвозасига жавобсиз тўртта гол урди. Мазкур гуруҳ пешқадамлиги учун курашаётган “Шаржа” ва “Ал-Веҳдат” клублари баҳси 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Қайд этилган ушбу натижалардан сўнг ушбу гуруҳда “Ал-Веҳдат” ва “Шаржа” бир хил 4 очко билан гуруҳдаги юқори поғоналардан ўрин олди. “Сепаҳон” эса 3 очко билан учинчи ўринни банд этди. “Истиқлол” жамоаси эса мусобақадаги омадсиз юришини бу турда ҳам давом эттирди.
Бу гуруҳдаги учинчи турда “Шаржа” – “Сепаҳон”, “Истиқлол” – “Ал-Веҳдат” клублари ўзаро куч синашади.
Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг Шарқий минтақасида иккинчи тур учрашувлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг гуруҳ босқичида 1-2 ўринни эгаллаган 16 та жамоа плей-офф босқичига чиқади. Плей-офф босқичи учун қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 12 декабрь куни ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА