Ўзбекистон ва Малайзия: мусиқа санъатидаги ошнолик элларни бирлаштиради

504

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори Элдор Шерманов бошчилигидаги делегация Куалалумпур шаҳрида бўлиб турибди.

Делегация аъзолари ушбу давлатнинг нуфузли,  UCSI халқаро университетида учрашув ўтказди.

Олийгоҳ раҳбарияти билан ташкил этилган халқаро ҳамкорлик учрашуви мобайнида икки томон манфаатларига асосланган бир қатор маданий алмашинув дастурлари, ҳамкорлик меморандум имзолаш режалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида шартномага кўра, келгусида томонлар “халқаро 1+1 магистрлик” дастури асосида кадрларни ўқитиш, қўшма дастур бўйича 5 нафар профессор-ўқитувчиларни 3 ойгача стажировка ўташи ва 5 нафар талабанинг 6 ойлик алмашинув дастуридаги иштироки бепул амалга оширилади.

Шунингдек, икки халқ мусиқа ва санъати ижросида қўшма концерт тадбирларини ўтказиш, халқаро грант лойиҳаларида иштирок этиш,  мақом, катта ашула, достончилик ва бахшичилик йўлларини кенг тарғиб қилиш мақсадида курслар ташкил этишга келишиб олинди.

Тадбир сўнгида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг “Достон ижрочилиги” кафедраси мудири Зафар Ҳайитов томонидан ўзбек халқ бахшичилик санъати термаларидан намуналар ижро этилди.

Маълумот ўрнида қўшимча қилиш зарур: дунё рейтингида 256 ўринни банд этган UCSI университетида бугунги кунда 10 минг талаба таҳсил олади. Малайзияда мусиқа санъати бўйича рейтингда биринчи ўринда туради.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА