Япония парламенти қуйи палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида Сигэру Исиба мамлакатнинг 102-Бош вазири этиб тайинланди. Ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) ва иттифоқчи “Комэйто” фракцияси ҳар икки палатасини назорат қилишини ҳисобга олсак, бу кутилган қарор эди. “Kyodo” ёзишича, ҳукуматни шакллантиришни бошлаб юборган Исиба тез орада янги таркибни эълон қилади. Кейинроқ император Нарухито тайинловни тасдиқлаши кутилмоқда.
67 ёшли Сигэру мудофаа, қишлоқ хўжалиги вазири, ЛДП Бош котиби каби юқори давлат лавозимларида ишлаб, бой тажриба тўплаган. Бешинчи уринишда партия етакчилигини қўлга киритган Исиба мудофаа сиёсати соҳасида эксперт сифатида ҳам танилган. У “НАТОнинг Осиё талқини” ва АҚШ билан хавфсизлик соҳасида янгиланган альянс ташкил этишни таклиф қилмоқда. Қолаверса, мамлакатнинг ўзини мудофа қилиш кучини расман қайд этиш учун Япония конституциясига тузатиш киритилишига эришишни режалаштирган. Бундан ташқари табиий офатлар оқибатини бартараф этиш бўйича агентлик тузиш тарафдори.
Таъкидлаш жоиз, август ойида Кисида ЛДП функционерларининг партия маблағини ўзлаштириши билан боғлиқ можаро туфайли партия раҳбарлигига ўтказиладиган сайловда номзодини иккинчи муддатга қўймаслик қарорини маълум қилганди.