Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан мамлакатимизга кириб келган “курьерлик жўнатмалари” божхона кўригидан ўтказилганида пневматик қуроллар ҳамда унинг ўқлари борлиги аниқланди.
Пост ходимлари томонидан хизмат ити ва рентген аппарати ёрдамида юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган Россия фуқаросига тегишли бўлган 1 дона 4,5 мм. пневматик тўппонча, 2 дона газ балони, 1 дона тозалаш учун мўлжалланган анжом, 2 дона ўқдон ва пневматик қурол учун 700 дона ўқ ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб келаётганлиги маълум бўлди.
Яна шундай бир ҳолатда Қозоғистон Республикасидан мамлакатимизга пиёда кириб келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига тегишли бўлган қўл юклари текширилганида 1 дона газ балонли тўппонча, 11 дона газ балон, 1 дона ўқдон, 1 дона пневматик тўппонча учун мўлжалланган ғилоф ва 2 дона қутида 2000 дона пневматик тўппонча учун мўлжалланган темир шарикли ўқ ҳеч қандай ҳужжатларсиз Россия Федерациясидан олиб келаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, автотранспорт воситасининг олди томонидаги ўриндиқлар орасига яшириб қўйилган қора рангли целофан пакетдa вазни сал кам 3 кг. бўлган ов милтиғи ўқининг капсуласи топилди.
Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.