Қозоғистон Мунтазам чемпионатида баҳслашаётган Тошкентнинг “Ҳумо“ хоккей клуби бу сафар Остона шарафини ҳимоя қилаётган “Номад” жамоасига қарши иккита ўйин ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур жамоаларнинг илк учрашуви “Барис Арена“ кўптармоқли муз саройида ташкил этилди ва унда “Ҳумо” 2:1 ҳисобида зафар қучди. Бунинг натижасида пойтахтимиз клуби очколарини 4 тага етказиб олди. “Номад” эса 6 очко билан бешинчи ўринда қолди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ҳумо” клуби мусобақада бор-йўғи 3 та ўйин ўтказган бўлса, “Номад” 7 та баҳсда музга тушган. Агарда бугун бўлиб ўтадиган ушбу жамоаларнинг иккинчи ўйинида “Ҳумо” ғалаба қозона олса, очколар ҳисоби бўйича “Номад”га етиб олади.
Дмитрий Катаев мураббийлиги остидаги “Ҳумо” клубининг “Номад“га қарши иккинчи баҳси бугун, 27 сентябрь куни соат 14:00 да бошланади. Баҳсга яна бир бор “Барис Арена“ мезбонлик қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА