Жорий йил 24 сентябрь куни видеоконференция шаклида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлик кенгашининг XIII йиғилиши ўтказилди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг халқаро муносабатлар департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Маткаримов иштирок этди.
Учрашувда иштирокчилар МДҲ доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва жорий йилда мазкур йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашди.
Йиғилишда сўз олганлар минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг асосий тамойилларидан бири сифатида икки ва кўп томонлама форумларни ташкил этиш катта аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унда жорий йил февраль ва май ойларида ўтказилган Ўзбекистон– Беларусь ва Ўзбекистон – Озарбайжон форумлари, Ўзбекистон ва Россия давлат раҳбарлари раислигида Ҳудудлар кенгашининг илк йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси доирасида 2025 йилда ўтказилиши режалаштирилган биринчи МДҲ Ҳудудлар форуми минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлишига ишонч билдирилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбирда МДҲ доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда Ўзбекистон Республикасининг мазкур соҳадаги шерикликни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш ташаббуси асосида шакллантирилган таклифлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА