Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси таркиби тасдиқланди. Комиссиянинг асосий вазифалари:

илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий муомалага киритиш;

ўзбек тилига киритилаётган янги атамаларни қонунчилик ҳужжатларига татбиқ этиш ва амалда қўллашнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида атамаларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш чораларини кўриш;

янги сўз ва атамаларни қўллаш соҳасида бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

республика ижро этувчи ҳокимият органларига атамашунослик масалалари бўйича кўрсатмалар бериш;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари марказий аппаратларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.

Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Атамалар комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Ишчи органнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

таклиф қилинган янги сўз ва атамаларни илмий жиҳатдан ўрганиш;

янги сўз ва атамалар бўйича таклифларни экспертизадан ўтказиш;

экспертизадан ўтказилган янги сўз ва атамаларни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиш;

жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Илмий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқиш ҳамда янги сўз ва атамалар бўйича таклифларни Атамалар комиссиясига киритиб бориш;

Атамалар комиссияси томонидан тасдиқланган янги сўз ва атамаларни жамоатчиликка эълон қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда:

Атамалар комиссиясининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

Атамалар комиссияси раиси ва унинг ўринбосарлари, аъзолари ҳамда котибининг вазифалари;

Ишчи орган ва Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб  берилган.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари марказий аппаратларида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жамият тараққиёти, илм-фан ютуқлари натижасида тегишли соҳаларда юзага келаётган янги сўз ва атамаларни тадқиқ этиш, уларнинг ўзбекона муқобилларини топиш ҳамда уларни бир хилда қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Атамалар комиссиясига киритиш;

тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида сўз ва атамаламинг тўғри қўлланилишини таъминлаш;

тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органларида давлат тилида иш юритиш билан боғлиқ юзага келадиган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш чораларини кўриш;

соҳа мутахассислари, олимлар, тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда, соҳавий изоҳли ва имло луғатларини тайёрлаш ҳамда нашр этиб бориш.

ЎзА