Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳар йили 23 сентябрда Миллий кунни кенг нишонлайди. Байрам шодиёналарида “Арда” рақси ижро этилади.
Арда – ноёб мерос санъати
Араблар қўлда қилич билан қўшиқ куйлаб, силтаниб рақсга тушгани кўпчиликнинг эътиборини тортгани аниқ. Бу анъанавий санъат намунасининг фольклор шакли турли хил маданий анъанага, теран тарихга эга мерос ҳисобланиб, чуқур маъноси, гўзал ҳаракатлари билан ажралиб туради.
SPA ахборот агентлиги ёзишича, Арда – раҳбарият ва халқ ўртасидаги абадий ҳамжиҳатлик тимсоли сифатида эркаклар томонидан ижро этилади. Кишида ғайрат ҳиссини, ватанга садоқат, муҳаббат руҳини уйғотади.
Арда шеърлари орасида энг машҳури ҳисобланадиган “Наҳват Ал-Аужа” тарихи замонавий давлат барпо этилишидан олдинги Ол Сауд сулоласига тақалади.
2015 йил декабрь ойида UNESCO номаданий мероси рўйхатига киритилган. 2017 йил қирол Абдулазиз саройида Саудия Арда Миллий маркази ташкил этилди. Ушбу жанговар ижро давомийлиги 4 соатгача чўзилади.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабат 1992 йил 20 февралда ўрнатилган. Ушбу мамлакат биринчилар қаторида мамлакатимиз мустақиллигини эътироф этган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига амалга оширган тарихий ташриф, валиаҳд шаҳзода, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад ибн Салмон бин Абдулазиз билан ўтказилган музокаралар икки томонлама ҳамкорликни юқори чўққига кўтарди. Бугунги кунда олий даражада имзоланган қатор ҳужжатлар турли соҳаларда шерикликни ривожлантиришга асос бўлмоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА