Мамлакатимизда сўнгги етти йилда қарийб 100 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилиб, бу борада катта тажриба орттирилгани таъкидланди.

Лекин иқлим ўзгариши, энергия ва табиий ресурслар тобора танқис бўлаётгани, демография ва экология масалалари бутун дунёда қурилиш индустриясида ҳар куни янги ёндашув ва янги ечимларни тақозо қилмоқда.

Масалан, ҳозирги лойиҳалар фақат бинони ўзини қуриш билан чекланмасдан, автотураргоҳи, яшил ҳудуди, мактаб-боғчаси, спорт ва хизмат объектлари қандай бўлади, деган саволларни ҳам комплекс қамраб олиши керак.

Давлатимиз раҳбари бу борада ҳали қиладиган ишлар жуда кўплигини кўрсатиб ўтди.

Айниқса, бизни шароитда таннарх, сифат ва қурилиш маданияти энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Йиғилишгача 400 га яқин ишлаб чиқарувчи, қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг фикри ўрганилди. Уларнинг кўпчилиги соҳадаги бюрократия ва ортиқча харажатлар, маҳсулотлар таннархи ва сифатига эътироз билдирган.

Тадбиркорларга тўғри шароит яратиб берилса, уларнинг ўзи шаффоф ишлашдан манфаатдор.

Тадбиркорлар рейтинги жорий қилингандан кейин, 11 мингта қурувчи ва ишлаб чиқарувчи қуйи ўриндан юқори ва ўрта ўринга кўтарилди.

Улардаги 90 мингта иш ўрни “соя”дан чиқди, ўртача ойлик 1,4 баробар ошди.

Лекин, соҳада “яширин иқтисодиёт” юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

ЎзА