Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб амирликларидаги элчихонаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан қатор вазирлик, идоралар вакилларидан иборат мамлакатимиз делегациясининг Абу Даби ва Дубай шаҳарларига ташрифи уюштирилди.

Сафардан кўзланган мақсад юртимизда амалга оширилаётган Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш, хусусийлаштириш жараёнига ҳамкор давлат инвесторларини жалб этиш учун “Роад шоу” тадбирларини ташкил қилишдан иборат.

Ташриф давомида БААнинг «Al Ghurair investment», «RKH investment holdings», «AlNowais investments», «MBS Global» сингари йирик хусусий компаниялари, ADQ, ADFD, «Mubadala investment company» каби суверен жамғармалари билан 20 га яқин музокара ўтказилди.

Учрашувларда устувор тармоқларда Давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ 63 лойиҳа ҳамда хусусийлаштириш таклиф этилган 21 объект тақдимоти намойиш қилинди.

Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ юкини камайтириш, божхона тўловини енгиллаштириш ва сармоядор ҳуқуқини қонун билан ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг амалий жиҳати қайд этилди.

Амалдаги ташаббуслар ижросини жадаллаштириш мақсадида БАА энергетика ва инфратузилма вазири, Инвестициялар вазирлиги раҳбарияти, Абу-Даби ва Дубай Савдо-саноат палаталари, энергетика ва ичимлик суви таъминоти компаниялари раҳбарлари билан суҳбат уюштирилди.

Ташриф якунида БАА компаниялари энергетика, чиқиндини қайта ишлаш, таълим, коммунал хўжалик, ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш ва аэропортларни бошқариш объектларини хусусийлаштириш дастури ва ДХШ лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдириб, музокараларни изчил давом эттиришга келишиб олишди.

ЎзА