21–25 сентябрь кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида «Ипак йўли» халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда.
Мазкур маърифий лойиҳа “Бир макон – бир йўл” ташаббусининг маданий миқёсдаги муҳим кўриниши ҳисобланади.
Фестиваль 2014 йил сентябрь ойида илк марта Хитой ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган.
Айтиш керакки, мазкур фестиваль ҳар йили Сиан ва Фучжоу шаҳарларидан бирида ўтказилади. Унинг дастурига очилиш ва ёпилиш, тақдирлаш маросимлари, фильмлар намойиши, кинофорумлар, маҳорат дарслари каби тадбирлар киради.
«Ипак йўли» халқаро кинофестивали Сиан шаҳрида беш марта муваффақиятли ўтказилиб, унга 50 дан ортиқ мамлакатдан кўплаб таниқли шахслар ва 6 минг нафардан ортиқ кино соҳаси мутахассислари жалб этилган.
Машҳур меҳмонлар орасида жаҳон кинематографиясининг машҳур юлдузлари борлиги диққатга сазовор.
Фестиваль кино санъатига Ипак йўли мамлакатлари ва минтақаларни боғлайдиган маданий кўприк яратиш, маданий алмашинув ва ҳамкорликни рағбатлантириш, алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда «Бир макон – бир йўл» ташаббуси доирасидаги ҳамкорликка ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ҳам бу йилги фестивалга меҳмон сифатида таклиф этилди. Ушбу кинофестиваль доирасида юртимиз киночилари иштирокида Ўзбек киноси кунлари ўтказилади.
Ушбу тадбир давомида «Ўзбек қизи», “101-рейс», “Баҳодир Ялангтўш”, “House”, “Осмондаги болалар-3”, “Якшанба”, “Пуанкаре”, “Ким деяй сени” каби бадиий фильмлар намойиш этилади.
Тадбир доирасида “Фарҳод ва Ширин”, “Мени кут” қўшма лойиҳаларини яратиш бўйича ҳамкорлик учрашувлари ҳам ўтказилиши кутилмоқда.
Қолаверса, ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланиши режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА