Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги “Жузимбағ” овул фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёш фермерлар кенгаши ҳамкорлигида “Ёш экспортчилар” лойиҳасида ўқув-семинари ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, ёш тадбиркорларни экспорт бозорларига киришга тайёрлаш, уларга халқаро савдо жараёнларини ўргатиш, шу орқали мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Ёш фермерлар кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни фермерлик ҳаракатига кенг жалб этиш, ёш фермерларни кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантиришда кўмаклашиш, улар фаолиятида дуч келинаётган муаммолар ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, ёш фермерларни хорижий илғор тажрибалар билан таништириш ва илғор тажрибаларни ёш фермерлар фаолиятига жорий қилиш, халқаро кўргазмаларда ёш фермерларнинг иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўқув-семинарида тажрибали тадбиркорлар иштирокида маърузалар қилиниб, ёш тадбиркорлар ва фермерларга халқаро савдо жараёнлари ҳақида амалий билимлар берилди. Шунингдек, экспорт бозорларини ўрганиш, халқаро шартномалар тузиш, маҳсулотларни халқаро стандартларга мослаштириш каби соҳасидаги энг муҳим масалалар бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Иштирокчилар маҳсулотларнинг халқаро бозорларда сотилишини таъминлаш учун сертификатлаш жараёнлари, экспорт ҳуқуқи ва халқаро шартномалар асосида иш юритиш, молиявий имкониятлар ва халқаро савдо кредитларини олиш усуллари бўйича ҳам етарли билимларга эга бўлдилар. Бу орқали уларнинг келгусида экспорт фаолиятини муваффақиятли амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилди ва янги экспорт бозорларига кириш режалари ишлаб чиқилди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасида 6 минг 72 нафар ёшга 4 минг 685 гектар ер майдони ажратилган, – дейди Ўзбекистон Ёш фермерлар кенгаши раиси Маҳмуд Иноятов. – Ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад, ушбу ажратилган ерларда сердаромад маҳсулотлар етиштириш, уларни қайта ишлаш орқали экспортга йўналтиришдан, соҳага иқтидорли ёшларни жалб қилишдан иборат.

Ушбу мавзудаги ўқув-семинари Беруний туманида ҳам бўлиб ўтди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.