Нукусдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг “Дўстлик уйи”да “Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation ташкилоти билан ҳамкорликда ёшлар ва хотин-қизлар учун ташкил этилган бизнес ўқув марказининг очилиш маросими бўлди.

Мазкур марказ Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда аграр секторни кучайтириш ва етарли молиявий хизматларни кўрсатиш орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Очилиш маросимида German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation ташкилоти минтақавий лойиҳа раҳбари Инка Рюк, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулжон Халмуратова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали даромадини оширишга қаратилаётганига тўхталди.

Таъкидланганидек, мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларида яшовчи ёшларни ҳамкор банклар (Агробанк, Микрокредитбанк, Халқ банки) билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича турли ўқув семинарлар, бизнес ўйинлар ўтказиш учун 25 нафар тренер тайёрланди. 2021 йил май ойидан бошлаб лойиҳа ҳамкорлари сирасига “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳам қўшилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакат бўйлаб лойиҳанинг ўқув-семинарларини самарали ташкил этиш мақсадида шу кунгача босқичма-босқич 47 нафар тренер тайёрланди. Ёшлар Иттифоқи ва “Тадбиркор аёл” ассоциацияси тренерлари томонидан 3 минг 500 нафардан зиёд ёш ҳамда хотин-қиз турли ўқув-семинарлари орқали билим ва кўникмаларини оширди.

German Sparkassenstiftung for Internatsional Cooperation  ташкилоти томонидан лойиҳа доирасида ҳудудларда зарур ўқув материаллари ва жиҳозлари билан дала семинарлари, очиқ осмон остида турли тадбирлар ўтказиш учун Ёшлар Иттифоқига ҳамда “Тадбиркор аёл” ассоциациясига 3 та “Дамас” русумли ўқув автотранспорт воситаси тақдим этилди.

Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва “Тадбиркор аёл” ассоциацияси учун Тошкент шаҳри ва бир қатор вилоятларда ўқув марказлари фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳридаги замонавий  мебель ҳамда техник жиҳозлари билан таъминланган марказда келгусида семинарлар, тренинглар ўтказиладиган асосий масканга айланади.

– Ҳамкорликдаги тадбирларнинг Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери жаноб Олаф Шольцнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи кунлари ўтказилаётгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди минтақавий лойиҳа раҳбари Инка Рюк хоним. – Давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувлари Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Ушбу  ўқув маркази минтақадаги тадбиркорликка қизиққан ёшлар ва хотин-қизларнинг молиявий, иқтисодий ва тадбиркорлик билимларини оширишга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари лойиҳа доирасида тайёрланган тренерларнинг келгуси режалари, илғор тадбиркорларнинг иш фаолияти билан танишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА.