АҚШда Дональд Трамп гольф ўйнаётган клуб яқинида отишма юз бергани ҳақида ЎзА хабар берган эди. Президентликка номзодга суиқасд уюштиришда гумон қилинган Р.Райанга дастлабки айблов эълон қилинди. Бу ҳақда Американинг CNN телеканали ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар берди.
Федерал қидирув бюроси эҳтимолий суиқасдга уринишни текшира бошлади.
Гумондор эркак судланган бўлишига қарамай, ўқ отар аслаҳани ноқонуний сақлагани, шунингдек рақами ўчирилган ўқ отар қуролга эгалик қилгани тахмин қилиняпти. Тергов давомида Р.Райан қўшимча ва жиддийроқ айбловларга ҳам дуч келиши мумкин.
Махфий хизмат агентлари гольф клуби ҳудудидаги бута орасида милтиқ стволини кўриб, ўша томонга қарата ўқ узган. Трампдан 300-500 метр масофада бўлган одам қуролини ташлаб, машинада қочган. У қўшни округда қўлга олинган. Воқеа жойидан оптик мўлжаллагичли АК-47 русумидаги автомат, иккита рюкзак ва GoPro видеокамераси топилди.
Ҳибсга олинган Гавай оролларида кичик қурилиш компанияси эгаси, 58 ёшли Райан Уэсли Рут 2016 йил Трампга овоз берган. Кейинчалик ижтимоий тармоқ орқали собиқ президентдан ҳафсаласи пир бўлганини билдириб, вақти-вақти билан республикачини танқид қилиб турган. Шунингдек, у Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлашини бир неча бор такрорлаган. Хусусан, Рут “Кремлни буткул кул қилиш” кераклигини ёзган ва Украина томонидан жангда иштирок этишга тайёрлигини айтган.
Бу сўнгги икки ой ичида Дональд Трампга нисбатан қилинган иккинчи суиқасд. Июль ойида даъвогар Пенсильвания штатидаги сайлов олди митингида юз берган отишма натижасида қулоғидан яраланди. Махфий хизмат агентлари босқинчини отиб ташлади.
“New York Post” газетаси хавфсизлик манбаларига таяниб ёзишича, ўқ фақат махфий хизмат агенти томонидан отилган. Қўлга олинган гумонланувчининг нима сабабдан бу ишга қўл ургани аниқланмади.
Ш.Маматуропова, ЎзА