Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади.
Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида “Адлия ёшларга кўмакдош!” шиори остида ўтказилаётган кенг қамровли тадбирлар ҳам шу мақсадга қаратилган.
Айтиб ўтиш керакки, адлия тизимида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, муаммоларига ечим топишга қаратилган бундай тадбирлар доимий ўтказиб келинмоқда.
Янги шиор, янги йўналишда ташкил этилган “Адлия ёшларга кўмакдош!” шиори остидаги кенг қамровли тадбирлар қорақалпоғистонлик ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.
Тадбирнинг биринчи кунида юзлаб ёшлар фаол иштирок этди. Нукус туманидаги 23-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган очиқ дарслар, ёшлар билан суҳбат ва савол-жавоблар ўтказилди.
Хўжайли туманидаги “Очиқ эшиклар куни” тадбирида раҳбар ва ёшлар учрашди. Ёшларнинг ҳуқуқ соҳасига қизиқишларини янада ошириш мақсадида улар адлия бўлими фаолияти билан таништирилди. Мудофаа ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилди.
–“Очиқ эшиклар куни”, “Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳалари доирасида маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларидаги ёшларнинг адлия органларига ташрифлари бўлиб ўтди, – дейди Хўжайли тумани адлия бўлими бошлиғи Азамат Шабатов. – Ёшларга ҳуқуқшунослик касби, унинг ўзига хос жиҳатлари, нуфузи ҳақида амалий тушунчалар берилди. Бу каби тадбирлар ёшларда ҳуқуқшунослик касбига нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбирлар давомида “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” шиори остида ёшларнинг музей, уй-музейлари, тарихий обидаларга ташрифлари ташкил қилинди.
“Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида сайловда иштирок этишнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ҳақида ёшларга тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, истеъдодли ёшларга ўз имкониятларини юзага чиқаришлари учун мотивация бериш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ривожланган давлатлар, шу жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида таълим олган, турли йўналишлар бўйича юқори натижа қайд этиб халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритган ёшлар иштирокида учрашувлар ҳам ўтказилди.
Олимпиада чемпионлари билан ўтказилган учрашувлар ёшлар учун ҳақиқий байрамона кайфият бағишлади.
Ёшлар ўртасида бирдамлик, жамоавий куч, ўзаро мулоқот кўникмаларини янада юксалтириш мақсадида “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Тадбирлар давомида ёшларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишнинг амалий механизмларини ўргатишга қаратилган “Aдлия вазирлигидан ёшларга 100 маслаҳат”, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва уни амалга ошириш бўйича услубий қўлланмалар бепул тарқатилди.
18 сентябрь куни Нукус шаҳрида “Адлия сайили” ҳуқуқий акцияси ўтказилади. Тадбирда фуқароларга барча соҳалар бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади. Унда давлат органлари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатлар, нотариуслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари масъуллари иштирок этади.
Сайил давомида совринли викториналар, спорт мусобақалари, маданият ходимларнинг концерт дастури, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, сайёр қабуллар, меҳнат ярмаркалари, ҳарбий чиқишлар намойиш этилади. Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилади, психолог маслаҳатлари берилади.
Кегейли туманида ҳам “Ҳуқуқий тарғибот куни” бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Н.АБДУРАИМОВА,
ЎзА