Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қуролли кучлар сонини 2 389 130 кишига етказиш қарорини эълон қилди. Уларнинг 1,5 миллиони ҳарбий хизматчи.

Тегишли фармон бугун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида пайдо бўлди.

Давлат раҳбарининг ушбу кўрсатмаси «Мудофаа тўғрисида»ги 1996 йил 31 майда чиққан 61-ФЗ-сонли Федерал қонуннинг 4-моддасига мос келади.

Ҳукуматга федерал бюджетдан Мудофаа вазирлиги фармоннинг 1-бандини амалга ошириши учун зарур маблағ ажратилишини таъминлаш топширилди.

РФ ҳарбийлари таркиби охирги марта 2023 йил декабрида ўзгартирилган эди.