Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов ва бир гуруҳ депутатларнинг Индонезия Республикаси Халқ вакиллари палатасининг Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси раиси ўринбосари Путу Супадма Рудана бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси, фракциялар ва қўмиталар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, Путу Супадма Рудана Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Мулоқот давомида мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланиб, инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашувда парламентлараро мулоқотни турли даражада фаоллаштириш, туристик салоҳият ва имкониятларни янги босқичга олиб чиқиш ва уни янги мазмун билан бойитиш бўйича сўз юритилди.
М.Комилова,
ЎзА