“Kyodo news” ёзишича, япониялик қизалоқ ясаган қоғоз турна Нью-Йорк давлат музейида 11 сентябрда юз берган фожианинг 23 йиллигига бағишланган кўргазмада намойиш этилди.
Душанба куни Садако Сасаки яратган 1 сантиметр узунликдаги қизил турна рамзи биринчи марта “Жаҳон савдо маркази: қутқариш, қайта тиклаш, жавоб бериш” галереясида бинонинг кириш қисмига ўрнатилди.
– Умид қиламизки, ташриф буюрувчилар Садако тимсоли билан боғлиқ хотирани яқиндан билиб олиб, ҳодиса даҳшатини ҳис қилишади, – дейди тарихчи Аарон Нобл.
Қоғоздан ясалган бу турна илк бор Садаконинг акаси Масахиро Сасаки томонидан 2007 йил 11 сентябрь куни ёдгорлик марказига, кейинчалик мемориал музейга тақдим этилган.
Садако 1945 йил 6 август куни Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги босқичида Хиросимага ташланган ядровий бомба портлаган жойдан атиги бир ярим километр масофада эди. Тўлқин зарби уни деразадан ташқарига улоқтириб юборган бўлса-да, қиз тирик қолган. Радиация таъсирига учраганда қизалоқ 2 ёш эди.
Шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, ўша йил охиригача 140 минг одам ҳалок бўлган.
Японияда “минг дона қоғоз турна ясаган кишининг ҳар қандай орзуси амалга ошади” деган қадим ривоят бор. Қизалоқ тирик қолиш орзусида қоғоздан турналар ясай бошлайди-ю, лекин улгурмайди: ўн йил ўтиб, радиация оқибатида орттирилган оққон касаллигидан 1955 йил 25 октябрда вафот этади…
Нобл кўргазмага қўйилган қоғоз турна АҚШ тақдим этган дори идишининг қизил ўрамидан ясалгани, Қизил Хоч томонидан касалликни даволаш жараёнининг бир қисми сифатида тан олинганини таъкидлайди.
Садаконинг жияни, Масахиронинг ўғли 54 ёшли Южи Сасаки эса аммасининг хотираси ёдга олинишидан таъсирланганини яширмади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА