Японияда ҳукмрон партия етакчилиги учун кураш бошланди

299

Бугун Японияда истеъфога чиққан Бош вазир Фумио Кисиданинг ўрнига номзод сайлаш бўйича 15 кунлик кампания бошланди. Бу ҳақда “Kyodo news” хабар берди.

Юзага келган ноқулай сиёсий вазиятда мамлакатдаги ҳукмрон Либерал-демократик партияга етакчилик қилиш ва сайловчилар ишончини қайта тиклаш учун рекорд даражадаги тўққиз номзод кураш олиб боряпти. 27 сентябрдаги сайловда ким ғалаба қозонса, иш ҳақига нисбатан тез ўсаётган нарх, шунингдек қатъий Хитой ва ядро қуролига эга Шимолий Корея билан эҳтимолий хавфсизлик муаммоси билан шуғулланиши керак бўлади.

Янги раҳбар Бош вазир бўлиши аниқ, чунки парламент иккала палатасини ЛДП ва коалицион ҳамкор Комэйто партияси назорат қилади. Комэйто ва асосий мухолиф – Конституциявий-демократик партияда шу ой раҳбар ўзгарди. ЛДП раҳбарлиги учун 40 ёш атрофидаги икки йигит ҳамда кун чиқар юрт тарихида биринчи аёл Бош вазир бўлишга интилаётган яна икки сиёсатчи асосий даъвогар. Уларнинг ҳар бири партия фаолиятини тубдан янгилашга ваъда беряпти. Курашга қўшилганлардан тўрт нафари Кисида кабинетининг амалдаги аъзолари.

Халқ орасида етарли обрў қозонган амалдор, собиқ мудофаа вазири, тажрибали эксперт сифатида ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган 67 ёшли Сигэру Исиба ЛДП етакчилигини қўлга олиш учун бешинчи, яъни сўнгги бор ва ҳаракат қилиб кўради. У ҳозирги ҳолатини 38 йиллик сиёсий фаолиятининг “энг юқори чўққиси” деб атади.

ЛДПнинг яна бир таниш юзи, таъбир жоиз бўлса, порлаётган юлдузи, 43 ёшли Синзиро Коизуми ҳисобланади. У отаси – ислоҳотчи, урушдан кейинги даврнинг энг машҳур Бош вазирларидан бири Зюинътиро Коизуми ортидан бу юксак лавозимни эгалламоқчи. Баъзилар Синзиронинг тажрибаси камлигини таъкидласа, бошқалар унда партиянинг янги қиёфасига айланиш салоҳиятини кўрмоқда.

Кисидадан рухсат олгандан сўнг 61 ёшли рақамли технологиялар вазири, яккахон сиёсий арбоб, ижтимоий медиа соҳасини чуқур ўзлаштирган қонун чиқарувчи Таро Коно амалдаги кабинет аъзолари орасида биринчи бўлиб ўз таклифини эълон қилди. Очиқ, дангал гапириши билан танилган собиқ ташқи ишлар ва мудофаа вазири 2021 йил, яъни аввалги сайловда Кисидага қарши туриб, иккинчи турда мағлуб бўлган эди.

Кисиданинг ўнг қўли, Вазирлар Маҳкамаси бош котиби 63 ёшли Ёсимаса Хаяси партия етакчиси бўлиш учун иккинчи марта уриниб кўради. Унинг худди Исиба сингари дипломатия, таълим, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳалар бўйича мутахассислиги маълум.

71 ёшли Ёко Камикава 20 нафар қонунчи томонидан қўллаб-қувватланиши кутиляпти. Бу ҳар қандай номзод учун зарур талаб.

Ҳукумат бошлиғи курсисига марҳум Бош вазир Синзо Абеэнинг сиёсий қарашини ёқлаган, ЛДП аъзоларига мурожаат қилиши кутилаётган бир неча консерватив қонунчилар ҳам даъвогар. Абэга яқинлиги билан фахрланадиган 63 ёшли иқтисодий хавфсизлик вазири Санаэ Такаити иккинчи бор Японияни “кучлироқ ва бойроқ” қилиш ваъдасини илгари сурган.

Айнан шу вазирликни аввал бошқарган 49 яшар Такаюки Кобаяси ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири 68 ёшли Кацунобу Като эса Абэ вориси Ёсихиде Суге даврида ҳукуматнинг юқори амалига эгалик қилган. Энди улар консерватив овозлар бўлиниши мумкин бўлган ҳаракатга янги келганлар сифатида пойгага қўшилди.

ЛДП Бош котиби, 68 ёшли Тосимицу Мотэги ҳукмрон партиянинг иккинчи одами сифатида аллақачон қайиқни ларзага келтирган.

Агар номзодлардан ҳеч бири 734 овоздан мутлақ кўпчилик миқдорни тўплай олмаса, ўша куниёқ икки асосий номзод иккинчи босқичда масалани ҳал этишига тўғри келади.

Партия сафи ва таркибига овоз бериш муддати – 26 сентябрь. ЛДП раҳбари эртасига – 27 сентябрь куни уч йиллик муддатга сайланади. Кейин етакчи парламентда, эҳтимол 1 октябрда Бош вазирликка тасдиқланади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА