Вьетнамда тўфон оқибатида 143 киши ҳалок бўлди

202

Вьетнамда юз берган “Яги” тўфони жами 143 инсонни ҳаётдан олиб кетди, 58 киши ҳамон бедарак, дея хабар бермоқда AFP маҳаллий ҳукумат маълумотига асосланиб.

Аниқлик киритилишича, мамлакат шимолини қоплаган табиий офат туфайли ҳосил бўлган сув тошқини яна бир қишлоқни ювиб кетгандан кейин қурбонлар сони ортган. Шу куннинг ўзида 16 киши ҳаётдан кўз юмиб, ўнлаб одам йўқолган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёмон об-ҳаво туфайли 210 минг гектарга яқин ердаги экин нобуд бўлганини маълум қилди. 700 дан зиёд фуқаро жароҳат олган. Тўфон 375 метрлик Фонг Чау кўпригини бузиб юборган.

«Яги” Жануби-шарқий Осиёга 1 сентябрь куни ёпирилган эди. Фожиадан Филиппин, Хитой ва Гонконгда ҳам ўлим ҳолатлари қайд этилди.

Табиий офатлар хавфини бошқариш ва камайтириш бўйича Филиппин миллий кенгаши зарарни 1,36 миллиард песо – 27,57 миллион доллар атрофида баҳолади.

Бу йил Осиёдаги энг кучли циклон сифатида эътироф этилган “Яги” шамолининг тезлиги соатига 203 километрга етди.