ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги кунда Оролбўйида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тахтакўпир туманидаги Қаратерен кўли соҳилида ҳам ушбу ислоҳотлар самарасида замонавий дам олиш маскани қад ростлади.
Кўл атрофини ободонлаштириш ишлари бошланганига ҳали кўп вақт бўлмади. Ўтган йили бу ерлар қаровсиз чўл майдони эди. Қисқа вақт ичида қилинган ишлар, ўзгаришларни кўриб, кўзингиз яйрайди.
Гўзал табиати ва тотли балиғи билан қадимдан ном қозонган мазкур кўл атрофида бугун йирик тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган бир нечта замонавий ўтовлар барпо этилди. Келгусида Қаратерен кўли соҳили йирик форумлар, халқаро анжуманлар ўтказиш манзилига айланади.
Соҳилда шунингдек, кузатув майдончаси, Боршитаў тоғи тепасидаги текисликка йўл ўтказгич иншооти, узунлиги 130, баландлиги 80, кенглиги 3 метр бўлган кўприк барпо этилмоқда. Туризм масканига олиб борадиган йўлларга асфальт ётқизилди.
Қаратерен кўли соҳилидаги янгиланишлар аллақачон кўпчиликда катта қизиқиш ва яхши таассуротларни уйғотмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА