Янги ижодий мавсум бошланаётган шу кунларда мамлакатимиз театрлари ўзларининг энг яхши спектакллари билан томошабинларни мамнун этмоқда. Жумладан, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида ҳам бу йилги томоша мавсуми кўтаринки руҳ ва байрамона кайфиятда бошланди. Театр саҳнасида таниқли драматург Қўчқор Норқобилнинг «Уйдаги гап кўчада» комедияси намойиш этилди. Санъат мухлислари олқиш ва эътирофига сазовор бўлган мазкур асарни истеъдодли режиссёр Умрбек Бектурғанов саҳналаштирган.

Мазкур саҳна асарида бугунги ҳаётимиздаги оғриқли муаммолар негизи турли зиддиятлар ва аччиқ киноялар орқали таъсирчан кўрсатилган. Жумладан, ахлоқий тарбия ва кишилар ўртасида самимият ришталари тобора заифлашиб, иззат-ҳурмат туйғуларига путур етаётгани, омманинг мобил телефонларга мутлақ банди ва муте бўлиб, китобхонлик ва мутолаадан тамоман узоқлашиб бораётгани, саводсизлик касаллиги урчиётгани аччиқ кулги замиридаги хавотир билан бадиий талқин қилинади.

Энг муҳими – мазкур комедия орқали ҳар бир томошабин маълум маънода ўзи ёки яқин атрофидаги одамларнинг ҳаёт тарзини кўргандай бўлади.

– Таниқли адиб Қўчқор Норқобил асарларида персонажлар характери яққол сезилиб туради, – деди Қорақалпоғистон санъат арбоби Пўлат Айтмуродов. – Саҳна асарида гавдалантирилган ҳар бир персонаж – қаҳрамоннинг ўз юки, энг муҳими, ўзига хос ҳақиқати бор. Шу билан бирга асардаги воқеликлар умуминсоний ғояларнинг кенг қамровида талқин этилади.

– Қорақалпоқ театрларида атоқли драматург Қўчқор Норқобилнинг шу билан олтинчи асари саҳналаштирилди , – дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов. – Уларнинг ҳар бирида долзарб, қорақалпоқ халқи ҳаётига ҳам алоқадор мавзулар қаламга олинган. Драматург томошабин кўнглида фикр уйғотадиган, огоҳликка ундайдиган масалаларни кўра билади, шу билан бирга, миллий қадрият ва ахлоқий тушунчаларни юксак даражада улуғлай олади.

Дарҳақиқат, бунгача драматург Қўчқор Норқобилнинг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Нур сояда қолмайди» (режиссёр – Ўзбекистон халқ артисти Нажмиддин Ансатбоев, 2011 йил), «Сув кўрмай этик ечма» (режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Жалғашбой Султабоев, 2014 йил), «Бир бола ва беш аёл тақдири» ( режиссёр – Ўзбекистон халқ артисти Нажмиддин Ансатбаев, 2015 йил), «Гул олмаган гўзаллар» (Режиссёр – Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Сарсенбай Узақбаев, 2016 йил), Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида эса «Олмоқнинг бермоғи бор» ( режиссёр – Умрбек Бектурғанов, 2022 йил) каби асарлари саҳна юзини кўрган. Улар ҳануз қорақалпоқ театрларида намойиш этилмоқда.

Муаллифнинг навбатдаги асари «Уйдаги гап кўчада» комедияси ҳам бугуннинг оғриқли ва долзарб масалаларини ўзида акс эттиргани, ҳаётий воқеликларга бой экани, томошабинларни ўйлантирадиган муаммоларни ўзида мужассам этгани билан узоқ йиллар мобайнида саҳнада ўз ўрнига эга бўлиб қолиши аниқ.

Н.Усмонова, ЎзА