Қарор ижроси назоратда

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев бошчилигидаги масъуллар Қораўзак туманидаги давлат дастурлари асосида олиб борилаётган қурилиш ишлари сифати ва иш самарадорлигини ўрганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича тумандаги “Қутли макон” фуқаролар йиғини ҳудудидаги 33-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ишлари билан танишди.
Ўрганиш давомида пудратчи ташкилот раҳбари ва соҳа масъулларига таълим объекти қурилишини тез кунларда якунлаш, ҳисоботларда қўшиб ёзиш ва сифатсиз ишларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилиш берилди.

Бундан ташқари, масъуллар Нукус шаҳрининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ёқилғи энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича ташкил этилган штаб аъзолари ва масъулларнинг улардан оқилона фойдаланиш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган фаолияти билан танишишди.
Штаб аъзолари, маҳалла еттиликлари ва сектор раҳбарларининг ишларни ташкил этишда сусткашликларга йўл қўйганликлари танқид остига олинди. Ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш, оқилона фойдаланиш, аҳолига электр энергияси ва табиий газни узлуксиз етказиб беришга оид қонунчилик ижросини сўзсиз таъминлашга оид қатъий топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири