–
Қозоғистонда заҳарланиб касалхонага ётқизилган ўқувчилар уйига қайтди
Қозоғистондаги мактаб ошхонасида заҳарланган ва шифохонага жойлаштирилган болаларнинг 43 нафари тузалиб, уйига қайтди, 53 ўқувчи ҳамон касалхонада қолмоқда. Ушбу мазмундаги хабарни республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган.
Хасталик авжига чиққан 6 сентябрдан бери Мунайли туманидаги 8-мактабнинг 466 нафар ўқувчиси мамлакат ғарбидаги Манғистау вилоятидаги тиббиёт муассасаларига олиб келинган. Иситма, ич кетиши, қайд қилиш ва ҳолсизлик кузатилган болаларнинг 96 нафари даволаниш учун ётқизилган. Айни пайт Шошилинч тиббий ёрдамни мувофиқлаштириш маркази ҳамда Остона тиббиёт университети юқумли хасталиклдар бўлими мутахассислари ва гастроэнтерологлари воқеа жойида вазиятни назорат қилмоқда.
Вьетнамдаги “Яги” тўфони қурбонлари 141 кишига етди
“Рейтер” агентлиги Вьетнам қишлоқ хўжалиги вазирлиги Табиий офатларга қарши курашиш департаментига таяниб ёзишича, “Яги” тўфонида ҳаётдан кўз юмганлар 141, жароҳатланганлар 764 кишини ташкил этмоқда. 54 инсоннинг тақдири эса ҳозирча номаълум.
VNA агентлиги “Яги” Жанубий Хитой денгизида сўнгги 30 йил ичида содир бўлган энг кучли тўфон эканини ёзди.
Путин Туркияга бориш учун қирувчи самолётлар ҳамроҳлигини талаб қилди
Россия Президенти Владимир Путин Туркияга сафари чоғида ўз самолётига қирувчи самолётлар ҳамроҳ бўлишини истамоқда, деб ёзди “Middle East Eye” нашри. Қайд этилишича, РФ раҳбарининг қарорига Украина унинг самолётига парвоз йўналиши бўйлаб ҳужум қилиши мумкинлигидан қўрқиш сабаб бўлган. Ва айнан шу сабаб, Анқарага ташриф қолдирилган.
– Москва талабини бажариш қийин, чунки Туркияда НАТОнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими жойлашган, – дейилади хабарда. Яъни, Россия қирувчи самолётлари душман нишони сифатида қабул қилиниши мумкин.
АҚШ Эрон компанияларига қарши санкция киритди
АҚШ “Iran Air” авиакомпаниясига Ғарбдан эҳтиёт қисмларни Эронга етказиб бериш, шунингдек Москва ва Теҳрон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун санкция киритди. Ушбу чеклов бир қатор жисмоний ва юридик шахсларга ҳам тегишли. Бу ҳақда Америка давлати Молия вазирлиги ҳамда Давлат департаменти маълум қилган.
Санкция Эроннинг энг йирик авиакомпаниясига “Россияга Эрон қуролли тизими етказиб беришда иштирок этиши” муносабати билан ҳамда Европадан Эронга муҳим эҳтиёт қисмлар ва Ғарбда ишлаб чиқарилган ускуналар ташиш учун киритилган. Кеча Буюк Британия ва ЕИ ҳам Эрон компаниялари ва жисмоний шахсларига қарши санкция жорий этилишини эълон қилган эди.
Марк Рютте 1 октябрдан вазифасини бажаришга киришади
НАТОнинг янги Бош котиби Марк Рюттенинг инаугурация маросими 1 октябрь куни бўлиб ўтади.
– 1 октябрь, сешанба куни Йенс Столтенбергнинг НАТО Бош котиби сифатидаги ваколати тугайди, унинг ўрнига Нидерландиянинг собиқ Бош вазири Марк Рютте келади, – дейилган Альянс матбуот хизмати ахборотида.
Шу муносабат билан Брюсселдаги қароргоҳда ваколатни топшириш расмий маросим ва янги Бош котиб иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Байден Киевга қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин
“Telegraph” газетаси Британиядаги манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ Президенти Жо Байден шу ҳафта Киевга Қиролликнинг “Storm Shadow” ракеталаридан Россия Федерацияси ҳудудига зарба бериш учун фойдаланишга қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин. Бу амалиёт Америка тизимлари билан тандемда ишлаш учун зарур, дея изоҳ берган нашр. Бинобарин, қайси тизим ҳақида гап кетаётгани очиқланмаган.
Бу борада якуний қарор қабул қилинмагани, муҳокама давом этаётгани ҳам қўшимча қилинган.
Исроил ҳарбий вертолёти Ғазода ҳалокатга учради
Ғазо секторида Исроил қутқарув вертолёти қулаши оқибатида камида икки аскар ҳалок бўлган, етти киши яраланган. Бу ҳақда бугун Исроил армияси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Вертолёт уриб туширилмагани маълум бўлди. Ҳалокат сабабини аниқлаш учун текширув давом этяпти.
Харрис жамоаси дебатдан қониқиш ҳосил қилди
Демократик партиядан президентликка номзод Камала Харрис жамоаси республикачи рақиб Дональд Трамп билан телевидение орқали кечган баҳсдан мамнун. Унинг сайлов олди гуруҳи аъзоларининг кайфияти байрамона. Бу хабарни CNN Харрис маслаҳатчиларига таяниб тасдиқлади.
Телеканал суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Камала кўтарилган масалаларни мукаммал тушунишини намойиш этган, нима режалаштираётганини айтган ва Трампни бир неча бор ғазаблантира олган. Баҳсдан сўнг Харрис қароргоҳида “байрамона” кайфият ҳукм сурмоқда.
Аввалроқ Трамп бу дебатни бутун сиёсий фаолиятидаги “энг яхшиси” деб атаган эди.
С.Раҳимов, ЎзА