Украина Ҳиндистондан Москва ва Киев ўртасидаги музокарада модераторлик қилишни сўраяпти. “Блумберг” агентлиги Украинанинг Нью-Деҳлидаги элчиси Александр Полишчукга таяниб шундай ёзди.

Аввалроқ “New York Times” газетаси Украина расмийлари, гарчи, Бош вазир Нарендра Моди Россия билан зиддиятга барҳам бериш учун ҳисса қўшиш, бу жараёнда ҳар қандай вазифани бажаришга тайёрлигини айтганига қарамай, Ҳиндистонни воситачи сифатида кўрмаётганини ёзганди.

Полишчук фикрича, Ҳиндистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолигини ният қилаётган бўлса, можарони ҳал қилишда фаолроқ бўлиши керак. Яъни, Нью-Деҳли РФ ва Украина ўртасида хабар узатувчи “почтачи” роли билан қаноатланмаслиги керак.

Элчи, шунингдек, Киев Нью-Деҳлига айни масала бўйича конференция ўтказишни таклиф қилганини ҳам эслатди. Таъкидланишича, Ҳиндистон томони бу таклифга рози бўлиш-бўлмаслиги ҳали номаълум.