Россия Федерацияси Белгород вилоятида локомотив ва юк поезди вагонлари тўқнашиб кетди. Бу ҳақда мамлакат Жануби-шарқий темир йўл тизими матбуот хизмати хабар берди.
— Кеча тунда, соат 23:17 да Волоконовка – Янги Оскол йўналишидаги участкада юк поезди тепловози ва 11 та бўш вагон издан чиқиб кетди, — дейилган ижтимоий тармоқ орқали эълон қилинган баёнотда. Дастлабки маълумотга кўра, қурбонлар йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари воқеа жойида иш олиб боряпти.
Губернатор Вячеслав Гладков “ушбу ҳудуддан ўтувчи йўловчи поездлари айланиб ўтаётгани”ни билдирди.
Воқеа муносабати билан Россия Федерацияси Тергов қўмитаси “террор ҳужуми” бўйича жиноий иш қўзғатди.