Нукус туманидаги “Дийқан арна” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳлининг аксарияти деҳқончилик, боғдорчилик ва асаларичилик билан шуғулланади.
Жорий йилда давлат дастури доирасида маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Кўчалар, хиёбонлар тартибга келтирилиб, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, футбол ва спорт майдончалари янгидан қурилди. Шунингдек, ҳудуддан ўтувчи катта магистрал йўл бўйида замонавий савдо мажмуаси барпо этилди.
Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан маҳалладаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга моддий ва амалий кўмак берилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида ҳудудда “Дийқан арна” маҳалла сервис компанияси фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда 20 нафарга яқин фуқаро бандлиги таъминланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат,видео),ЎзА