Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Унда назорат остидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган нормалар ўз аксини топган.
— Суд томонидан белгиланган чеклов ва мажбуриятларни бажармаган пробация назоратидаги шахслар содир этган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари бўйича тез ва таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш борасида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатлар бериш зарурати юзага келмоқда, — деди депутат Сардор Ғиёсов. — Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, ички ишлар органлари номидан 185/2- ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати пробация хизматининг катта инспекторига бериляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва уларга нисбатан қўлланилган таъсир чораларининг натижадорлиги ошишига олиб келади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА