Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIV Қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг сайловда қатнашиши ва янги Сайловолди дастури тўғрисидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб ва фаол иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар тўғрисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятов маъруза қилди:

–Ўзбекистон Халқ демократик партияси 82 банддан иборат мақсадларни белгилаб олган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи амалга оширилди. Партиямиз ташаббуси ва таклифлари билан минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари ундан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатлами учун қурилаётган арзон уй-жойлар сони кўпайтирилди, ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити ажратиш амалиёти такомиллаштирилди. Уй-жой олишни субсидиялаш тизими йўлга қўйилиши натижасида ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила бошпанали бўлди, – деди партия етакчиси.

Қурултойда партия Марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар чуқур ва танқидий-таҳлилий муҳокама этилди. Партиянинг 2019-2024 йилларга мўлжалланган дастури самарали амалга ошаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг, Халқ демократик партиясининг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Қайд этилганидек, дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 10 та йўналиш, 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Хусусан, дастурнинг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, аҳолида дорига қарамликни камайтириш, мактабларда чет тиллар ва IT ўқув соатларини кўпайтириш, ўзини банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш, улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда харидорларни кафолатли ҳимоя қилиш бўйича ечимлар таклиф этилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш йўналишида эса давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, бюджет маблағларини самарасиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳавий назорат органларига республика ҳокимият органларининг таъсирини камайтириш билан боғлиқ таклифлар делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Партия янги дастурида шунингдек, давлат ва жамият қурилиши йўналишида ҳам қатор ташаббуслар жой олган.

Қурултойда делегатлар, партия Марказий кенгаши аъзолари, партия фаоллари сўз олиб, янги Сайловолди дастурда партиянинг устувор мақсад-ғоялари ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатлари билан боғлиқ таклифлар жой олганини алоҳида эътироф этди. Қизғин муҳокама ва билдирилган муносабатлардан сўнг делегатлар Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурини тасдиқлади.

Қурултойда сайлов ҳар бир партия учун кенг имконият ва катта масъулият экани, айниқса, бу йилги янгича, аралаш тизимда ўтадиган сайловлардан халқимизнинг умиди катталиги таъкидланди. Шу боис Халқ демократик партияси парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар илгари суриш масаласига улкан масъулият билан ёндошгани айтиб ўтилди.

Қурултойда партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови учун ташкил этилган бир мандатли 75 та округдан 75 нафар номзод илгари сурилди. Шунингдек, пропорционал тизим бўйича 100 кишилик партиявий рўйхат ҳам таклиф этилди.

Номзодларнинг 47,4 фоизи аёллардан иборат. 175 нафар номзоднинг 13 фоизи иқтисодчи, 8 фоизи ҳуқуқшунослар, 9 фоизи тиббиёт, 31,4  фоизи педагоглар, 32,6 фоизи бошқа соҳа вакилларидир. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафари фан номзоди (PhD) ва 15 нафари фан доктори (DSc) илмий даражасига эга.

Қурултойда депутатликка номзодларни қўллаб-қувватлаш ҳақида якдил қарор қабул қилинди.

Халқ демократик партиясининг парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда фаол иштирок этиши, юқори натижаларга эришиши йўлида муҳим қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

Рустам Назарматов (сурат),

ЎзА