Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти иштирокчи давлатлари ички ишлар вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз қатори Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ички ишлар вазирлари, шунингдек Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев бошчилигидаги соҳа мутахассисларидан иборат делегациялар қатнашди.
Томонлар мазкур форматдаги тадбир иштирокчи мамлакатлар халқларининг тарихий алоқалари, умумий тили, маданияти ва анъаналарига асосланиб, туркий халқларнинг маънавий яқинлашувига, қардошлик бирлигини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.
Тадбир жараёнида иштирокчилар ташкилот доирасидаги мамлакатларда жиноятчиликка, шу жумладан, экстремизм, одам савдоси, кибержиноятлар, наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиб, ички ишлар вазирликларининг мазкур йўналишлардаги тегишли бўлинмалари ҳамкорлиги истиқболларини белгилаб олди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган тадбирда томонлар мазкур форматдаги учрашувлар идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида урғу бериб, Туркий давлатлар ташкилоти ички ишлар вазирлари биринчи йиғилишининг декларациясини имзолади.
Н.Абдураимова,
ЎзА