Пойтахтимиздаги «Ренессанс» кино мажмуасида Кинематография агентлиги томонидан амалга оширилаётган «Тирик тарих» маърифий лойиҳаси доирасидаги ўқув курслари бошланди.

Мазкур агентлик директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда миллий кино санъатини ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар натижасида янги-янги экран асарлари яратилаётгани, соҳада илғор ташаббуслар илгари сурилаётганини таъкидлади.

– Кейинги саккиз йиллар давомида миллий кино санъатимизга Президентимизнинг нигоҳи қаратилгани кинематография ривожида янги босқични бошлаб берди, – деди Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев. – Шу йил 16 май куни давлатимиз раҳбарининг соҳа вакиллари билан учрашуви кино ижодкорларини руҳлантириши билан бирга, соҳадаги долзарб масалаларни очиб берди. Кино ёшлар онгига бевосита таъсир этувчи энг оммавий санъат саналади. “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар асрлар қаърига бориб тақалувчи шонли ўтмиш, яқин тарихимиз, жадид боболаримизнинг ибратли фаолияти, замон қаҳрамонларининг сиймоларини акс эттиришни кўзда тутади. Демакки, 2024-2027 йиллар давомида 57 та йирик кино лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган. Бу эса киночилардан тарих, адабиётдан пухта билимга эга бўлиш кераклигини талаб этмоқда.

“Махсус адабиёт”, “Махсус тарих” ўқув курсларининг илк кунида Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов, Шоҳрух Абдурасулов сингари адабиётшунос, санъатшунос олимлар томонидан долзарб мавзудаги машғулотлар ўтказилди.

Н.Усмонова, ЎзА