Пойтахтимизда “Марказий Осиёда барқарор ҳамжамиятларни шакллантириш – ижтимоий иш ва ижтимоий хизматлар орқали болалар, ёшлар, аёллар ва оила фаровонлигига кўмаклашиш” мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтмоқда.
Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси ҳамда Колумбия университети ижтимоий иш мактаби билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда нуфузли халқаро ташкилот вакиллари, 7 та хорижий мамлакатдан 62 нафар халқаро экспертлар, давлат ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этмоқда.
Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий хизматлар тизимларини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Аҳолининг турли қатламлари — хотин-қизлар, болалар, ногиронлиги бор бўлган фуқаролар, ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонлар билан ишлаш ва уларга ҳар жиҳатдан кўмак беришга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Форумда қайд этилганидек, Марказий Осиё ва Евроосиё минтақасидаги ҳамкорлар билан ижтимоий ҳимоя соҳасида алоқаларни кенгайтиришда бу каби анжуманлар муҳим аҳамият касб этади. Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги салоҳиятли кадрлар, ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ушбу тизим ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Минтақавий форум иштирокчилари турли мавзулардаги сессиялар давомида ижтимоий иш соҳасидаги методология ва тажрибаларни муҳокама қилди.
Колумбия университети Ижтимоий иш мактаби профессори Луиза Гилбeрт ўз нутқида бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий ишнинг тўғри ташкил этилганини таъкидлади.
Мазкур сессия давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон мисолида ижтимоий ишнинг ташкил этилишидаги афзалликлар, ижтимоий иш таълимининг компенсацияга асосланган моделини интеграциялаш мавзуларида халқаро экспертларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, форум давомида Марказий Осиё минтақасидаги заиф гуруҳлар учун ижтимоий тадқиқотлар ва ҳамжамият етакчилигидаги аралашувлар, энг заиф жамиятлар учун пайдо бўладиган ижтимоий ва жамоат саломатлиги муаммоларига барқарор ечимлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Бу каби форумлар халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, ижтимоий ҳимоя соҳасида самарали, далилларга асосланган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқишга ёрдам беради. Шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий иш таълими ва амалиётини янада яхшилашга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА