2024 йил 5-6 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусида халқаро форум ташкил этилиши режалаштирилган.

Форум доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Мўғулистон озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Жадамбар Енкҳбаяр билан учрашув ўтказди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Мўғулистон давлати билан қишлоқ хўжалигининг бир қатор тармоқлари, айниқса чорвачилик йўналишида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш зарурлиги, бунда Мўғулистон тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш муҳим масала экани айтиб ўтилди. Бундан ташқари икки давлат ўртасида экспорт-импорт алоқаларини мустаҳкамлаш борасида логистика масаласи ҳам долзарб экани қайд этилди.

Учрашув якунида И.Абдураҳмонов Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида имкониятлар кенглигини, бу борада ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Шунингдек, Малайзиянинг “Meraque Group Sdn Bhd” компанияси раҳбари Разали Исмаил билан ҳам учрашув ташкил этилди.

Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари ҳамда янги лойиҳа бўйича муҳокама олиб борилди. Разали Исмаил Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ҳар қачонгидан ҳам манфаатли эканини таъкидлар экан, бу замин айни қишлоқ хўжалигида яхши майдонлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг “Meraque Group Sdn Bhd” компаниясининг кичик ҳажмдаги ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари, томчилатиб суғориш технологияларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш борасида муҳокамалар олиб борилди. Музокаралар натижаси ўлароқ, икки томонлама англашув меморандуми имзоланди.

Мақсад ўзаро тажриба алмашиш, инновацион қишлоқ хўжалиги амалиётини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, юртимизда инновацион “Meraque Group Sdn Bhd” технологияларини ишлаб чиқариш баробарида ақлли қишлоқ хўжалигини яратишдан иборат.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Meraque Group Sdn Bhd” компанияси 2018 йил start-up лойиҳа асосида ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 200 нафар олим, муҳандис ва ёшларни иш билан таъминлаган. Компания асосан, ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда махсус дронлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА