Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги ўқув биноси очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. “Сен табаррук даргоҳисан билимнинг!” мавзусидаги тадбир мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида ўтказилганлиги билан файзли бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, республикамиздаги олий таълим муассасалари, идора-ташкилотлар масъуллари, мамлакатимизнинг обрўли маърифатпарвар зиёлилари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда меҳнат жамоаси, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, иштирокчиларни мамлакатимизда кенг миқёсда нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан табриклади.

“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида нишонланаётган энг улуғ, энг азиз байрам арафасида юртимиздаги дастлабки таълим маскани – Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши байрамга муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлади.

Мазкур билим маскани нафақат республикада, бутун Марказий Осиё минтақасида ўз ўрнига, таълим соҳасида ўз қадриятларига эга бўлган муассасалардан ҳисобланади. Бугунги кунгача институт битирувчилари орасидан 5 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 6 нафар академик, кўпгина давлат ва жамоат арбоблари, таълим ҳамда халқ хўжалигининг турли соҳалари фидойилари етишиб чиққанлиги фикримизнинг исботидир.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ҳамда ғамхўрлиги натижасида институт учун 2 минг ўринлик янги ўқув биноси қурилишига давлат бюджетидан 76 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу билан бирга, моддий-техник базани такомиллаштириш мақсадида ўқув бинолари таъмирланиб, янгидан лабораториялар, спорт мажмуалари, талабалар турар жойларининг қурилаётганлиги Оролбўйидаги дастлабки таълим муассасасининг 90 йиллик тўйига, шу билан бирга, мазкур таълим муассасасига исми берилган буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигига муносиб совға бўлди.

– Бугунги кунда институтда 17 минг нафарга яқин талаба таълим олаётган бўлиб, уларнинг мамлакатимиз келажагига хизмат қиладиган, Учинчи Ренессанснинг асосини яратадиган етук кадрлар бўлиб етишиши учун мана шундай замонавий типда қуриб битказилган ўқув биноларининг, бу ерда яратилган шароитларнинг аҳамияти катта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълимга қаратилаётган эътибор натижасида институтнинг моддий-техник базаси такомиллашиб бормоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан куч олиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни етказиб чиқаришга бор имкониятлардан фойдаланамиз, – дейди институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров.

Тадбир иштирокчилари янги ўқув биносида талабаларнинг таҳсил олиши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.