Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги куни нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон ҳамжамиятининг нигоҳида бўлмоқда.
Ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон Республикасида фаолият юритаётган қорақалпоқ миллий маданий марказлари фаолларининг бир гуруҳи юртимизга ташриф буюрди.
Меҳмонлар, Қорақалпоғистон Республикасидаги жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун дастлаб Тахтакўпир туманининг чекка “Даўқора” овул фуқаролар йиғинига пресс-тур ташкил этилди. “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ташкил этилган тадбир иштирокчилари ҳудуддаги Қаратерен кўли соҳилида бугунги куни замонавий дам олиш масканини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Кўл атрофини ободонлаштириш ишлари бошланганига унчалик кўп бўлмади. Ўтган йили бу ерлар қаровсиз қолган чўл майдони эди. Қисқа вақт мобайнида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Дарҳақиқат қадим тарих рамзига айланган, асрлар оша ўзининг ширин балиғи билан ном қолдирган кўл атрофида бир нечта замонавий ўтовлар, йирик тадбирлар, мулоқотлар ва анжуманлар ўтказиш учун мўлжалланган. Келгусида Қаратерен кўли соҳили йирик форумлар, халқаро анжуманлар ўтказиш манзилига айланади.
Бу ерда кузатув майдончаси, Боршитаў тоғи тепасидаги текисликка йўл ўтказгич иншооти, шунингдек, узунлиги 130 метр, баландлиги 80 метр, кенглиги 3 метр бўлган кўприк барпо этилмоқда. Туризм қон томири ҳисобланган йўл масаласи ҳал бўлди ва ўнлаб километр асфальт ётқизилди.
– Ўзим ушбу юрт фарзандиман. Тахтакўпир туманида туғилиб ўсдим – дейди қозоғистонлик Луиза Оринбетова. – Бундан 30 йил аввал, Қозоғистонга кўчиб кетдик. Ҳозир Остона шаҳрида шифокор бўлиб ишлайман. Бу ерлар қаровсиз қолган эди. Автобусда келаётиб бизга нималарни кўрсатар экан деб ўйлаган эдим. Қисқа вақт мобайнида кўл соҳилида амалга оширилган ишлар мени ҳам бошқаларни ҳам ҳайратда солди. Эндиликда оила аъзоларимизни ҳам олиб келиш ниятидаман. Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон Республикасидан меҳмонларни таклиф қилгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирамиз.
Қурилиш ишлари тугашига жуда оз қолди. Объектнинг очилиши сабаб мамлакатимизнинг чекка ҳудуди Даўкорага, унинг ажралмас қисми Қаратерен кўлига яна қайтамиз.
Кўл соҳилидан катта таассуротлар билан қайтган меҳмонлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Нукус шаҳрида барпо этилган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Қорақалпоғистон филиалида, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида, “Nukus Eleсtroapparat” корхонасида ва “Оққуш” мажмуасида бўлди.
Оролбўйида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш жараёнлари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат+видео), ЎзА.